Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши 27 декабрда бошланади — Президент

34

20 декабрь куни ўтказилган учинчи Халқ Қурултойида Президент Садыр Жапаров 27 декабрда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши бошланишини эълон қилди.

«Бу лойиҳани бошлаганимизда кўпчилик унга ишонмасди, ҳатто буни эртак деб кулгусига олганлар ҳам бўлди. Энди эса ҳамма бу эртак эмас, реал лойиҳа эканини кўрмоқда», — деди давлат раҳбари.

Жапаровнинг таъкидлашича, темир йўл Шарқ ва Ғарб ўртасидаги стратегик кўприк бўлиб хизмат қилади. У бу лойиҳа савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар яратишига ишончи комиллигини билдирди.

Президент Камбарата-1 ГЭСини ҳам афсоналардан бири сифатида тилга олди.

«Бу орзу ҳам реал воқеликка айланмоқда. Мамлакатимиз энергетика соҳасида мустақиллик ва ўз-ўзини таъминлаш босқичига ўтмоқда», — деди Жапаров.

27 июнь куни Қирғизистон Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича Битимни ратификация қилди. Парламент ушбу ҳужжатни 19 июнь куни тасдиқлаган эди.

Бундан олдин Хитой темир йўл қурилиши учун 2 миллиард 350 миллион доллар кредит ажратадигани маълум бўлган эди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун уч давлат Қўшма Лойиҳа Компаниясини (ҚЛК) ташкил қилади. Бу компанияда 51% улуш «Хитой темир йўллари»га, 24,5% «Қирғиз темир йўллари» ва 24,5% «Ўзбекистон темир йўллари»га тегишли бўлади.

Президентнинг сўзларига кўра, киритилган сармоя қопланганидан сўнг, икки томон лойиҳадан чиқиб кетади ва компаниянинг 100% улуши Қирғизистонга тегишли бўлади.

Ушбу темир йўл Қирғизистонни Хитой соҳилларидан Форс кўрфазигача бўлган деярли бутун Осиёни боғлайдиган қитъа кўпригига айлантиради.