Энергетика вазири: Қирғизистонда 1 майдан бошлаб электр энергияси нархи ошади

112

Энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2025 йил учун режаларга бағишланган брифингда 1 майдан бошлаб электр энергияси нархи 15-20% га ошиши ҳақида маълум қилди.

Унинг айтишича, инфляция туфайли тарифлар ҳар йили оширилиб боради.

Ибраевнинг таъкидлашича, ҳозир 700 кВт соат энергия нархи 1 сом 11 тийнни ташкил этади. Тариф оширилгандан кейин бу суммага тахминан 20-23 тийн қўшилиши мумкин. У буни «аҳамиятсиз қиймат» деб атади.

«Биз ҳамон ўша проводлар, трансформаторлар, мойлар ва выключателларни сотиб оламиз. Ҳар йили инфляция уларнинг нархига таъсир қилади. Инфляция қанчалик кўтарилса, шунчалик фоизда нархларни ошириб борамиз [...] Агар тарифни аста-секин оширмасак, бир вақт келиб, қоронғуда қолишимиз мумкин», — деди у.

Тузатиш ишлари қачон тугаши ҳақидаги саволга Ибраев, фақат аҳоли белгиланган лимитга риоя қилмаган ҳудудлардагина электр энергияси ўчирилаётганини айтди.

Министрнинг сўзларига кўра, акс ҳолда, бундай ҳудудлар аҳолиси бир ҳафта ёки бир ой электр энергиясиз қолиши мумкин.

Бундан аввалроқ Таалайбек Ибраев қишда электр энергиясида узилишлар бўлмаслигига ишонтирган эди.

Шу билан бирга, яқинда Энергетика вазирлиги Қирғизистонда 11-12 декабрь кунлари электр энергиясидан рекорд даражада фойдаланилганини маълум қилди. Идора электр тармоқлари юкламаси ошган ҳудудларда электр энергияси бир-икки соатга ўчирилишини огоҳлантирди.

Кейинчалик президент қирғизистонликлардан яна уч-тўрт йил сабр қилишларини сўради. У Камбар-Ота-1 қурилиши тугатилгандан кейин электр энергияси танқислиги муаммоси бутунлай ҳал этилишига ишонч билдирди.