Ўш вилоятининг Қорасув туманида 35 ёшли эркакка нисбатан хотини ва қайнонасини калтаклаш айби билан жиноий иш қўзғатилди.
Вилоят ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, унга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси («Қийноқ») бўйича айблов эълон қилинди. Суд уни бир ой муддатга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган.
24 ёшли қиз ва унинг 64 ёшли онаси калтаклангани ҳақидаги хабар 11 декабрь куни маълум бўлган. Ўшанда ижтимоий тармоқларда калтакланган қизнинг юзидаги жароҳатлар акс этган видео тарқалди. Қизнинг айтишича, эркак унинг қариндошларини ўлдириш билан ҳам таҳдид қилган.
Милиция маълумотига кўра, воқеа 29 ноябрь куни содир бўлган. Дастлаб гумонланувчи ҳибсга олинмаган, жабрланувчиларга эса унга яқинлашишни тақиқловчи ҳимоя ордери берилган. Бироқ, 12 декабрь куни эркак ҳибсга олиниб, етти кунлик қамоқ жазоси берилади.
Оилавий зўравонлик Қирғизистондаги жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили милиция аёлларга нисбатан минглаб зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради. Бу фақат аёллар ўзларига нисбатан содир этилган зўравонликлар ҳақида хабар берган ёки жароҳатларнинг оғирлиги милицияни чора кўришга мажбур қилган ҳолатлардир.