17 декабрь куни ҳуқуқ-тартибот қўмитаси йиғилишида депутатлар милиция ходимларини фото ва видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқулладилар.
Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг «обрўсига путур етказувчи» фото ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатганлик учун 5 минг сом жарима ёки 5-7 суткага қамоқ жазоси таклиф этилмоқда.
Йиғилиш давомида депутат Дастан Бекешев суратга олиш ходимнинг обрўсига путур етказиш мақсадида амалга оширилганини қандай аниқлаш мумкинлигини сўради. Унга кўра, қонун ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, айрим ҳуқуқ-тартибот ходимлари фуқароларга уларни суратга олиш мумкин эмаслигини айтаётган экан.
Лойиҳа ташаббускори Суюнбек Омурзаков милиция ходимлари воқеа моҳиятини бузиб кўрсатиш учун видеомонтаж қилинганда бу қонун қўлланилишини таъкидлади.
«Агар милиция ходими хизмат вақтида қонунга хилоф ҳаракат қилса, ҳар бир фуқаро, фаол ва блогер буни суратга олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ», — деди у.
Бекешевнинг фикрича, агар ИИВ шахсларни таниш учун шаҳарда кузатув камералари ўрнатган бўлса, фуқаролардан розилик сўрамай, шунда қирғизистонликлар ҳам милиция ходимларини хизмат вақтида суратга олиш ҳуқуқига эгадир.
«Дастан Бекешев, мен сизни яхши ҳуқуқшунос деб ўйлардим, аммо кўринадики, сиз яна юридик факультетда ўқишингиз керак», — деб жавоб қайтарди Омурзаков.
Депутат Айсулу Мамашова эса монтаж ва обрўсизлантириш бор-йўқлигини ким аниқлашини сўради. Бу саволга жавобан Омурзаков, бу материаллар экспертиза ўтказилишини айтиб ўтди.
Бу қонун лойиҳаси собиқ ички ишлар вазирининг ўринбосари Суюнбек Омурзаков бошчилигидаги депутатлар гуруҳи ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
Уларга кўра, «ҳуқуқ-тартибот ходимларининг хизмат вазифаларини бажариш вақтида уларга ноқонуний аралашув, суратга олиш ва интернет сайтларига жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда, бу эса уларни обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш ва жамият олдида қийматини туширишга қаратилган».
Уларнинг фикрича, бу каби ҳаракатлар «нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказади, балки давлатнинг умумий имиджига катта зарар келтиради».
Милиция ходимларини фото ва видеога олишни тақиқлашдан ташқари, қонун ташаббускорлари «Безорилик» моддасини қўшимча қилишни таклиф қилмоқда. Улар ҳокимият вакилларига ёки хизмат вазифасини бажараётган шахсга қарши қўполлик кўрсатганлик учун 50 мингдан 200 минг сомгача жарима ёки 5-7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўшишни таклиф қилмоқда.
Қонун лойиҳасини танқид қилаётганлар уни қабул қилишга қарши чиқмоқда. Уларга кўра, бу қонун «даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин».