Ташиев: Президентликка номзодимни қўймайман, Садир Жапаровни қўллаб-қувватлайман

69

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев 18 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида президентликка номзодини қўймаслигини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, амалдаги президентнинг яна бир муддатга сайланиш ҳуқуқи бор.

«Икки йилдан сўнг бўладиган сайловларда номзодимни қўймайман. Мен Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Биз яна кимни қўллаб-қувватлашимиз мумкин? Бекназаровни ёки Равшан Жээнбековними? Ёки, балки, бизга Атамбаевни яна президент қилиб тайинлаш керакдир? Биз бу йўлдан ўтганмиз», — деди Ташиев. У амалдаги президент яхши ишлаётганини ва уни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Конституцияга кўра, давлат раҳбари беш йиллик икки муддатга сайланиши мумкин.

Садир Жапаров 2021 йил 10 январь куни давлат раҳбари этиб сайланган ва 28 январь куни лавозимига расман киришган. Ўшанда Конституциянинг эски таҳрири амал қилган бўлиб, унга кўра президент лавозимни олти йил давомида эгаллаши мумкин эди.

2024 йил январь ойида Жапаровнинг яна бир муддатга номзодини қўйиш нияти борлиги маълум қилинган.

Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2026 йилда бўлиб ўтади.