Бугун Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев матбуот анжумани ўтказиб, махсус хизматнинг амалга оширган ишлари бўйича якуний хулосаларини тақдим этди.
Унинг маълум қилишича, 2020 йил октябридан ҳозиргача коррупция билан боғлиқ ишлар доирасида 168 миллиард сомдан (1,9 миллиард доллар) ортиқ маблағ ундирилган.
Ташиев қайд этганидек, марҳум собиқ парламент спикери Чинибай Турсунбековга тегишли бўлган қиймати 2 миллиард сомдан ошиқ «Капитал банк» давлатга қайтарилган. Шунингдек, Бишкек спиртли ичимликлар заводи ҳам давлат мулкига ўтказилган.
«Чинибай Турсунбековнинг рафиқаси фирибгарлар билан алоқага чиққан. Улар мени 5 миллион доллар пора билан ушлашга уринган. Бу ишда хорижий хизматларнинг ходимлари ҳам иштирок этган. Аммо болаларимиз туфайли барча фирибгарлар қўлга олиниб, 5 миллион доллар давлат хазинасига ўтказилди», — деди Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари.