Энергетика вазири қирғизистонликлардан электр энергиясининг ўчирилиши учун узр сўради

114

Энергетика вазири Таалайбек Ибраев «Биринчи радио» эфирида электр энергиясининг ўчирилиши билан боғлиқ ноқулайликлар учун қирғизистонликлардан узр сўради.

Бироқ, унинг таъкидлашича, акс ҳолда бутун шаҳар электр энергиясиз қолиши мумкин.

«Ҳозир министр парламентда электр энергияси ўчмайди, деб айтганини гапириб турибди. Ҳақиқатдан ҳам, энергетикларнинг биринчи вазифаси — электр энергиясини ҳар бир хонадонга етказиш ва уни 24/7 режимда тақдим этишдир [...] Электрсиз биз гўё кўр инсонга айланамиз. Вақтинчалик ноқулайликлар бор, бу учун узр сўрайман»,
— деди у.

Шунга қарамай, амалдор қирғизистонликлар электр энергиясини тежашга риоя қилмаётгани ва лимитларни ошириб юборишаётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, электр энергиясининг истеъмоли энг юқори бўлган вақт эрталаб соат 7:00 дан 9:00 гача ва кечқурун соат 18:00 дан 21:00 гача. Шу вақтда трансформаторларнинг бузилиши олдини олиш учун электр энергияси ўчирилмоқда.

«Агар бу вақтда, масалан, қиймати 120 миллион сомга тенг бўлган «Ала-Арча» подстанциясини ёндириб юборадиган бўлсак, у ҳолда нафақат битта микрорайон, балки бутун шаҳар электр энергиясиз қолади. Биз абонентларни асосий станция ёки бошқа подстанцияга улаяпмиз, шунинг учун электр энергияси бир-икки соат давомида бўлмаслиги мумкин. Биз чеклов эмас, лимитларга риоя қилинмаётган жойларда тартибга солиш ишларини олиб бормоқдамиз», — деди вазир.

Ибраевнинг таъкидлашича, Қирғизистонда заҳирадаги трансформаторлар мавжуд эмас, янги трансформатор олиб келиш учун эса 150-170 кун керак бўлади. Ускунани ташиш учун эса бир ой вақт талаб қилинади.

Аввалроқ Таалайбек Ибраев қишда электр энергиясида танаффуслар бўлмаслигини кафолатлаган эди.

Аммо яқинда Энергетика вазирлиги 11-12 декабрь кунлари Қирғизистонда электр энергияси истеъмолининг рекорд даражада ошганини маълум қилди. Идора маълум қилишича, электр тармоқлари ортиқча юклангандан кейин электр энергияси бир-икки соат давомида ўчирилади. Мутасаддилар абонентларнинг электр энергиясини бошқа тармоққа йўналтириш чораларини кўришини айтишган.

Кейинчалик президент қирғизистонликлардан яна уч-тўрт йил сабр қилишни сўради. У Камбар-Ота-1 ГЭС қурилиши якунлангандан сўнг электр энергияси танқислиги муаммоси тўлиқ ҳал этилишини ваъда қилди.