Қирғизистон ҳукумати биноларда автотураргоҳларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишни Давлат қурилиш агентлигига топширди. Бу ҳақда агентлик раҳбари Нурдан Орунтаев маълум қилди.
Орунтаевнинг айтишича, энди Давлат қурилиш агентлиги ертўла автотураргоҳлари кўзда тутилмаган лойиҳаларга қурилиш учун рухсатнома бермайди.
«Сентябрь ойидан бошлаб кўп қаватли турар-жой бинолари учун “1 к 1” механизми жорий қилинди. Ҳар бир квартира учун битта автотураргоҳ жойи бўлиши шарт, беш қаватдан юқори биноларда эса подвалда махсус автотураргоҳ зоналари мажбурий тарзда кўзда тутилиши лозим», — деб ёзди Орунтаев ўзининг Facebook саҳифасида.
Шунингдек, у Давлат қурилиш агентлиги автолифтлар каби янги технологияларни жорий этишга ҳам рухсат берганини қўшимча қилди.
Ноябрь ойи охирида МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев Бишкек шаҳар ҳокимига автотураргоҳсиз турар-жойлар, офислар ва савдо марказларини қуришни тақиқлашни таклиф этган эди. Унинг фикрига кўра, автотураргоҳлар етишмаслиги шаҳарда тирбандликларни келтириб чиқаради.