Қирғизистон ҳукумати 4-5 йил ичида 40 мингдан ортиқ оилани уй-жой билан таъминлашни режалаштирмоқда

75

Қирғизистон Давлат ипотека компанияси (ДИК) орқали уй-жой олиш навбатида 40 мингдан ортиқ фуқаро турибди. Бу ҳақда 16 декабрь куни Бишкекда ДИК томонидан қурилган турар-жой мажмуасининг очилиш маросимида президент Садир Жапаров маълум қилди. Янги мажмуа 549 квартирадан иборат.

Президентнинг айтишича, ҳукумат бу оилаларни келгуси 4-5 йил ичида уй-жой билан таъминлашни режалаштирган. У шунингдек, ДИК орқали уй-жой олиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилганини, бу эса коррупцияни олдини олиш ва навбатни тезлаштиришга ёрдам беришини таъкидлади.

2021 йилдан бошлаб ДИК мустақил равишда уй-жой қуриш билан шуғулланмоқда. Илгари компания фақат тайёр квартираларни сотиб олиш учун кредитлар берган. Жорий йил сентябрь ойида ДИК вакиллари 443 турар-жой биноси (20 714 квартира) қурилаётганини, шулардан 126 бино (6 632 квартира) 2024 йилда фойдаланишга топширилишини маълум қилди.

ДИК маълумотларига кўра, 2016 йилдан бери компания қарийб 10 минг оилани уй-жой билан таъминлаб, 15 миллиард сом миқдорида ипотека кредитлари берган.