Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат агентлигига берган баёнотида, мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳар йили ортиб бораётганини маълум қилди. У юзага келган танқисликни охирги 30 йил давомида бирорта ҳам йирик гидроэлектростанция қурилмагани билан изоҳлади.
Давлат раҳбари, шамол ва қуёш гидроэлектростанцияларининг фаол қурилаётганига қарамай, энергия кризиси муаммоси ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини таъкидлади.
Шунингдек, у электр энергиясининг арзонлиги сабабли қирғизистонликлар уни тежашга эътибор бермаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бир киловатт электр энергиясининг ўзини қоплаш қиймати 2,72 сомни ташкил қилади, аммо аҳолига 1,10 сомдан сотилади.
«Керак бўлмаганда хонадаги чироқни ўчириш мумкин-ку. Мен буни кўп жойларда кузатаман ва ҳатто одамларни бу ҳақда огоҳлантираман. Давлат муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари ходимлари ва раҳбарлари масъулиятсизлик билан чироқларни ўчирмасдан қўяди, гўёки “давлат тўлайди”. Шунингдек, кўча ёритиш чироқлари ҳам ўчирилмайди», — дея шикоят қилди у.
Жапаровнинг қўшимча қилишича, электр энергияси етишмовчилиги туфайли мамлакат қўшни давлатлардан импорт қилишга мажбур бўлмоқда.
«Мен халқимиздан буни тўғри тушунишларини ва сабр қилишларини сўрайман. Ҳа, электр энергияси таъминоти бир-икки соатга тўхтатилиши мумкин. Бу чора узоқ муддатли узилишларнинг олдини олиш учун кўрилмоқда. Агар қимматбаҳо трансформатор ёниб кетса, куну тун электр энергиясиз қолиш мумкин», — деди у.
Президентнинг таъкидлашича, 30 йил сабр қилган қирғизистонликларга яна уч-тўрт йил сабр қилиш қолди. У Камбарота-1 ГЭСининг қурилиши якунлангандан сўнг электр энергияси танқислиги муаммоси тўлиқ ҳал қилинишига ишонтирди.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги Қирғизистонда 11-12 декабрь кунлари электр энергияси истеъмоли рекорд даражага етганини хабар қилган эди. Вазирлик, электр тармоқлари ортиқча юкланган ҳудудларда электр энергияси бир-икки соатга ўчирилиши мумкинлигини огоҳлантирди. Уларнинг айтишича, мутахассислар электр энергиясини абонентлардан бошқа тармоққа йўналтиришади.