«Мен Оқ уйни босиб олишга уринмадим, девордан ошмадим ва шимимни йиртмадим» — Султанбеков Ташиевга жавоб қайтарди

135

«Социал-демократлар» партияси раҳбари Темирлан Султонбеков МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевнинг парламентдаги баёнотига жавоб берди. Сиёсатчининг СИЗОдан ёзган хати унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.

 Ташиев Султанбеков сайлов арафасида қонун бузгани учун жавоб беришини айтган. Шунингдек у «давлатни бошқариш палласига етмаганини» таъкидлаб, «ўзини ёшига кўра олиб юрсин» деб огоҳлантирган.

Бу баёнотга жавобан Султанбеков Ташиев уни сайловчилар овозини сотиб олиш эмас, балки сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олганини очиқ тан олганини таъкидлади.

«Сиз очиқчасига, ҳеч нимага қийинчиликсиз, “Султанбеков давлат бошқармоқчи” деб айтдингиз. Аммо овозларни сотиб олиш ҳақида биронта ҳам сўз айтмадингиз. Мен Сизга эслатмоқчиман: мен Оқ уйни босиб олишга уринмадим, девордан ошмадим ва шимимни йиртмадим. Давлат бошқариш учун бундай қилмайман», — деди у.

Сиёсатчи Ташиевни ёш бўйича бошқаларни камситмасликка чақирди. У илгари Ташиевнинг шиори «Ёшлар келади!» бўлганини эслатиб ўтди.

«Мен нима, машинанинг ғилдиракларини ўғирлашим керакми? […] Агар билмасангиз, Жусуп Абдрахмонов 25 ёшида Қирғизистоннинг биринчи ҳукуматини ташкил қилган ва бошқарган. Сиз унга ҳам: “Турмада ўссин, давлат бошқарувига тайёр бўлсин”, дермидингиз?» — деб қўшимча қилди у.

Султанбековнинг таъкидлашича, 2021 йилда ҳукумат уни Жогорку Кенеш депутати бўлишдан тўхтатиш учун Конституцияга ўзгартиш киритган. Натижада, ёш бўйича талаб 23 ёшдан 25 ёшга кўтарилган.

Ташиевнинг ўтмишини эслатган Султанбеков 2012 йилда Кумтор олтин конларини миллийлаштириш учун ўтказилган митинг ҳақида ҳам сўзлади. Ўшанда Ташиев шериклари билан девордан ошган ва шимини йиртган эди.

Шунингдек, 2013 йилда Ташиевнинг ўғли Тамерлан қўлга тушган. У пойтахтнинг 5-микрорайонида автомобил ғилдиракларини ўғирлашга уринишда айбланган. Бироқ, суд уни уй қамоғига қўйган.

13 ноябр куни ҳуқуқ-тартибот идоралари «Социал-демократлар» партиясининг Бишкекдаги штабида тинтув ўтказди. Шундан сўнг Темирлан Султанбеков, унинг партиядошлари Ирина Карамушкина ва Роза Турксевер ҳибсга олинди. Уларга сайловчиларнинг овозини сотиб олишда айблов эълон қилинган.