Жапаров: Чегара масаласи икки тарафлама манфаатларни ҳисобга олиш орқали ҳал қилинди

126

Президент Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш ишлари якунланиши ҳақида «Кабар» давлат ахборот агентлигига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, чегара масаласини ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишга эришилган.

«Ҳатто энг мураккаб участкалар бўйича ҳам ўзаро келишувга эришдик. Ҳудудлар тенг тақсимланди — 50/50. Айрим участкалар тенг асосда алмашилди», — деди у.

Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссиялари ҳужжатларни имзолагандан сўнг, ҳужжатларга икки давлат ташқи ишлар вазирлари имзо қўяди. Кейин ҳужжатлар парламентларга ратификация учун ва президентларга имзолаш учун юборилади.

Шунингдек, у чегара постлари уч йилдан бери ёпиқ турганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли делимитация ишлари тугаган заҳоти постларни очишни талаб қилган.

«Биз чегара постларини очиб, икки мамлакат ўртасидаги савдони энг юқори даражага кўтаришни мақсад қилганмиз. Келажакда халқларимиз ўртасида ҳеч қандай баҳсли масалалар бўлмаслиги керак. Агар тотув яшасак, бу ҳудудга инвесторлар ва сайёҳлар келади, бу эса икки халқнинг турмуш даражасини яхшилайди», — деди президент.

Аввалроқ, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев парламентда ҳужжат Жогорку Кенешга январдаёқ киритилиши мумкинлигини маълум қилган эди. Унга кўра, қирғиз-тожик чегараси масаласи Дўстлик тўғрисидаги Шартномага мувофиқ ҳал қилинган.

4 декабр куни ҳукумат раҳбарлари делегациялар бошлиқлари қирғиз-тожик чегарасининг қолган участкаларини тўлиқ тасвирлашни якунлаганини маълум қилган эди.

Июль ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг 94 фоизи тасвирлангани маълум бўлган. Қирғизистон ҳукуматидаги чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Борубаевнинг сўзларига кўра, ҳал этилмаган 6 фоиз участкалар Баткен туманида жойлашган. У бу участкаларни «мураккаб» деб атаган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Бироқ, Баткен вилоятидаги Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда ноаниқ чегаралар туфайли мунтазам низолар келиб чиқмоқда. Сўнгги йирик можаро 2022 йил 14-17 сентябр кунлари содир бўлган. Ўшанда икки томондан 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.