Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Front Line Defenders Қирғизистон ҳукуматидан адвокат Самат Матцаковни қамоқдан озод қилишни талаб қилди.
Ташкилот Матцаковнинг тинч ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти туфайли «шарманда қилувчи таъқиб»га дучор бўлаётганини қоралади.
«Front Line Defenders Қирғизистонда адвокатлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ва журналистларга нисбатан босимнинг ортиб бораётганидан ташвишда. Бу ҳолат мамлакатдаги фуқаролик жамиятига қўрқув солмоқда»,— дейилади ташкилот баёнотида.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу прецедент адвокатларнинг ўз мижозлари манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятига таҳдид солади, чунки улар таъқибга учрашдан қўрқишади.
Ташкилот Қирғизистон ҳукуматини Матцаковга қўйилган барча айбловларни бекор қилишга ва унинг жисмоний ҳамда психологик хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Шунингдек, Front Line Defenders барча ҳуқуқ ҳимоячилари учун хавфсиз меҳнат шароитларини кафолатлашни талаб қилди.
Бундан аввал БМТнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ҳолати бўйича махсус маърузачи Мэри Лолор ҳам Қирғизистон ҳукуматини Самат Матцаковга қарши жиноий таъқибларни тўхтатишга чақирган эди. Унинг таъкидлашича, «адвокатлар тазйиқ ва таъқиблардан ҳимояланиши керак».
Матцаков — KG Group қурилиш компанияси раҳбари Имомиддин Ташовнинг адвокати. Ташов аввалроқ тергов изоляторида қийноққа солингани ҳақида баёнот берган. Шунингдек, Матцаков журналист Актилек Капаров ва акин Асқат Жетигенни ҳимоя қилмоқда.
29 ноябрь куни Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (МХДҚ) ходимлари Матцаковнинг уйини тинтув қилган ва уни ҳибсга олган. Унга нисбатан йирик миқдордаги фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштириш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Аммо Матцаков бу ишни ўзининг профессионал фаолияти билан боғлаб, уни «буюртма иш» деб атаган.
Адвокатнинг қамоққа олиш чораси бўйича суд йиғилиши бутун тун давом этиб, 30 ноябрь тонгида Матцаков 30 декабрга қадар ҳибсда қолдирилди.