Россиядаги мигрантларга депортация ўрнига Украинада урушга бориш таклиф қилинди

125

Россияда ҳарбий форма кийган эркаклар мигрантларга ўз юртларига депортация қилиниши ўрнига Украинадаги урушга боришни таклиф қилган. Бу ҳақдаги видеолавҳа Россиянинг Telegram каналларида тарқалди.

Видеолавҳада ниқоб билан юзини тўсган шахс мигрантларга фронтга юборилиш эвазига Россия фуқаролигини олиш ва кейинчалик ишлаш учун рухсатномасиз Россияда қолиш имконияти пайдо бўлишини айтади.

«Сиз Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишингиз мумкин. Шартнома бир йилдан беш йилгача тузилади. Шартнома тугагач, сизга Россия паспорти берилади ва фуқаро бўласиз. Шунда сиз СВО ҳудудида бўлишингизга тўлиқ кафолат берилади», — дейди у.

Номаълум шахснинг қўшимча қилишича, урушда иштирок этган мигрантлар ҳар ойда 210 минг рублгача маош олиши мумкин.

«Ўйлайманки, бу барибир бу ерда топаётган даромадингиздан кўпроқ. Қолаверса, бепул санаторий-курорт даволаниши, ҳаётни суғурта қилиш, жанговор ҳаракатлар ветерани мақоми каби имтиёзлар бор», — дейди у.

Эркак шартнома тузишни истаганлардан қўл кўтаришни сўради. Аммо ҳеч ким бунга рози бўлмади.

«Унда юртингизга қайтарамиз!» — деди ҳарбий формадаги шахс, эҳтимол, бу орқали депортацияни назарда тутган бўлиши мумкин.

Қирғизистон Жиноят кодексига кўра, республика фуқароларига бошқа давлатлар қуролли можароларида иштирок этиш тақиқланган. Бундай қилмиш учун улар 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Россия томонида Украинадаги урушда иштирок этган биринчи қирғизистонлик ёлланма аскар Аскар Кубаничбек ўғли бўлди. У дастлаб 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо иш қайта кўриб чиқилган. Натижада жазо енгиллаштирилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган ва суд залида 3 йиллик пробацион назорат билан озод қилинган.

Шунга қарамай, Кубаничбек ўғли апрель ойининг охирида Россияга кетган. Кейинчалик, у Россия Мудофаа вазирлиги билан янги шартнома тузгани ва Россия фуқаролигини олгани маълум бўлди.