«Келажак имкониятларини йўққа чиқармоқда». Бишкек мэри «Клооп» ва Темиров суриштирувларига ишонмасликка чақирди

121

Пойтахт мэри Айбек Жунушалиев «Клооп» ва Temirov Live томонидан ўтказилган суриштирувга муносабат билдирди. Суриштирувда айтилишича, собиқ «Ак-Кула» ипподроми ва «Ай-Пери» бизнес маркази бозор нархидан анча арзон баҳода Вьетнамдаги олигархлар оиласи ва жиноят оламидаги Камчи Қўлбоевнинг собиқ шериги билан боғлиқ компанияларга берилган.

Шаҳар мэрининг таъкидлашича, муниципалитет бу келишувга коррупция мақсадларида бормаган, шунингдек, мамлакат раҳбарияти ҳам жараёнга аралашмаган.

«Мен тушунаман, сизлар Қирғизистонда ёки Бишкекда эмассизлар, сизларга бизнинг келажагимиз фарқсиз. Лекин қандай бўлмасин, ўйлайманки, ички қалбингизда нимадир оғриши керак. Чунки сизларнинг ҳаракатларингиз билан Қирғизистон ва Бишкекнинг келажак имкониятлари йўққа чиқарилмоқда. Қандай инвесторлар келади? Ким бизга ишонади ва ҳамкорлик қилади?» — деди у.

Жунушалиевнинг айтишича, инвесторлар дастлаб ипподром учун тахминан 53 миллион доллар таклиф қилган, кейинчалик бу сумма 60 миллион долларга етказилган. Аммо бу миқдор шаҳар ҳокимияти томонидан аввал белгиланган нархдан анча паст бўлгани сабабли, музокаралар давом этган ва охир-оқибат 67 миллион долларлик келишувга эришилган.

Шаҳар мэри фуқароларни турли манбалардаги маълумотларни текширишга ва таҳлил қилишга чақирди — фақат шундан кейин хулоса чиқариш кераклигини таъкидлади. У ҳар бир сўз ҳужжатлар билан тасдиқланиши кераклигини айтди.

«Биз қўрқмаймиз ва очиқча жавоб беришга тайёрмиз [...] Ҳеч қандай маблағ таланмаган»,— деди у.

Кеча «Клооп» ва Temirov Live собиқ «Ак-Кула» ипподромининг 53 гектаридан ортиқ ер ҳукумати томонидан бозор нархидан анча арзон баҳода ижарага берилгани ҳақида қўшма суриштирув эълон қилган эди.

Суриштирув маълумотларига кўра, ипподромнинг ижарага берилганидан бир кун олдин вьетнамликларга Бишкек марказидаги 6000 квадрат метр майдонга эга «Ай-Пери» бизнес маркази сотилган. Дўконлар, офислар ва ресторанлар жойлашган бинодаги квадрат метр нархи шу ҳудуддаги бозор нархидан арзон бўлган.

Суриштирувчилар бу активларни олган компаниялар ортида вьетнамлик олигархлар оиласи — Туан Тран ва унинг хотини Нгуен Тхи Нгует Хуонг, шунингдек, жиноят оламидаги Камчи Қўлбоевнинг собиқ шериги турганини аниқлашган.