26 ноябрь куни Парламентнинг ҳуқуқ-тартибот қўмитаси ОАВ ва интернетдаги туҳмат ва ҳақоратлар учун жарималар ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатнинг ушбу версиясида жарималар миқдори камайтирилди.
Эндиликда жисмоний шахслар учун туҳмат ва ҳақоратлар учун жарима 100 минг сом ўрнига 20 минг сом, юридик шахслар учун эса 200 минг сўм ўрнига 65 минг сом этиб белгиланди.
Қўмита аъзолари, шунингдек, Маданият вазирлигини туҳмат ва ҳақоратни мустақил равишда аниқлаш ваколатидан маҳрум қилишни таклиф қилишди. Энди бу вазифани ҳуқуқ-тартибот органлари бажаради.
Бундан аввал, Қирғизистоннинг 11 та мустақил таҳририяти Парламент спикери Нурланбек Шакиевга мурожаат қилган эди. Улар спикердан мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан аввал журналистлар, фуқаролик жамияти ва давлат органлари вакиллари иштирокида парламент эшитувларини ташкил қилишни сўрашган эди.
ОАВ ва интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун жарималар жорий этиш қонун лойиҳаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Лойиҳа ташаббускорларининг маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда ОАВ ва интернет ресурслари орқали ҳақорат ва камситиш ҳолатлари кўпайган.