Парламент 20 ноябрдаги мажлисида 1918-1953 йиллардаги қатағонларда жабрланган фуқароларни сиёсий ва диний эътиқоди учун реабилитация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг келишилган вариантини қабул қилди.
Жогорку Кенеш ушбу ҳужжатни 27 июнь куни учинчи ўқишда қабул қилди. Бироқ сентабр бошида президент қонун лойиҳасини қайтариб олди.
«Ушбу қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилганимизни барчангиз яхши биласиз. Молия вазирлиги билан келиша олмадик. Ҳозир ҳужжатни Бош прокуратура ва Молия вазирлиги билан келишиб олдик», — деди лойиҳа муаллифларидан бири Жанар Акаэв.
Садир Жапаров қонун лойиҳасини парламентга қайтарар экан, ҳужжатда сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш бўйича комиссия тузиш кўзда тутилганини айтди. Унинг қайд этишича, қонун лойиҳаси қўшимча харажатларни талаб қилмаса-да, комиссия иши учун маблағ талаб этилади.
«Конституцияга кўра, Жогорку Кенеш давлат бюджети ҳисобидан қопланиши лозим бўлган харажатларни оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини Минкаб молиявий манбани аниқлагандан кейингина қабул қилади», — деди президент.
Садир Жапаров Молия вазирлигига тўхталар экан, қонунда оқланган шахсларнинг қариндошлари ва фарзандларига ҳар ой давлат кафолати тўловлари белгиланишини таъкидлади. Маълумотларга кўра, бунинг учун йилига қўшимча 345,8 миллион сjм талаб қилиниши мумкин, чунки қонун лойиҳасида қатағон қилинган Қирғизистон фуқаролари сони 18 мингга етади.
Молия вазирлиги 2025-2026 йилларга мўлжалланган тасдиқланган республика бюджетида репрессияга учраган фуқароларнинг қариндошларига кафолат тўловларини тўлаш учун маблағ киритилмагани ҳақида хабар берди.
Ҳужжатнинг келишилган вариантида комиссия ва тадқиқотчилар фаолияти учун маблағ бюджетдан эмас, парламент спикери заҳира фонди ва ҳомийлардан ажратилиши белгилаб қўйилган.
Қонун лойиҳасида «Сиёсий, диний эътиқоди, ижтимоий, миллий ва бошқа хусусиятларига кўра таъқибга учраган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.
Ташаббусчилар Қирғизистон ҳудудида 1961 йилгача ишлаган РСФСР Жиноят кодексининг 1922-1926 йиллардаги айрим моддалари билан судланган шахсларни оқлаш тўғрисида алоҳида модда қўшишни таклиф қилишди.
Турли манбаларга кўра, айниқса, 1937-1938 йиллардаги қатағонларнинг кучайиши даврида Қирғизистонда 20-40 минг киши отиб ташланган.