«Манас» халқаро аэропортининг уникал коди — FRU — яқин вақт ичида янгисига ўзгартирилиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро ишлар бўйича парламент қўмитасида Давлат фуқаролик авиацияси агентлиги директори ўринбосари Канат Тўлўгўнов маълум қилди.
Депутат Арсланбек Малиев аэропорт кодини ўзгартириш масаласини икки йилдан бери кўтариб келаётганини ва бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтди. Чиновар депутатга жавобан «Манас» аэропорти бу масала юзасидан Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.
«Бу ишда биз финиш чизиғига яқинлашдик, чунки “Манас” аэропортига учиб келадиган барча авиакомпаниялардан розилик олдик. Ҳозирда IATA билан музокаралар олиб бормоқдамиз [...] Яқин вақт ичида кодни Бишкекнинг аббревиатураси — BSH га ўзгартамиз», — деди Тўлўгўнов.
Малиев пойтахтнинг номи узоқ вақтдан бери Фрунзе эмаслигини таъкидлаб, кодни анча аввал ўзгартириш кераклигини қайд этди.
IATA маълумотлар базаси веб-сайтида ҳозирча BSH коди йўқ.