ИИВ: Сайловларда оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни босиб олишга уринганликда гумонланувчилар қўлга олинди

34

Ички ишлар вазирлиги маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови куни ҳокимиятни босиб олиш мақсадида оммавий тартибсизликлар уюштиришда гумон қилинган етти эркакни қўлга олди.

Уларнинг маълумотига кўра, қўлга олинганлар миллий спорт ўйинларини ўтказиш баҳонаси билан одамларни йиғиб, зўравонликларга чақиришни ва вазиятни беқарорлаштириб, кейинчалик эса ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишни режалаштирган.

Шу ҳодиса юзасидан ИИВ жиноят ишини қўзғатиб, гумонланувчиларни ҳибсга олди. Милиция маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг уч нафари чет эл фуқароларидир. Уларнинг иккитаси бошқа мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Тезкор ходимлар уларда қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва гиёҳванд моддаларни топган.

Қолган қўлга олинганлар қирғизистонликлар бўлиб, улардан икки нафари бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган. Терговнинг версиясига кўра, асосий ташкилотчи — собиқ бош прокурор ўринбосари Кубан Адил уулу.

«Унинг вазифаси молиявий таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқада бўлиш, уларнинг ҳаракатлари ҳақида олинган маълумотларни узатиш, оммавий тартибсизликлар ва ҳокимиятни босиб олиш пайтида ролларни тақсимлаш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди», — дейилади ИИВда.

Гумонланувчиларга «Оммавий тартибсизликларга тайёргарликни ташкил қилиш», «Ташкиллашган гуруҳни тузиш», «Ташкиллашган гуруҳни молиялаштириш», «Ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишга уриниш», «Қирғизистон фуқаросининг чет эл давлати ҳудудида қуролли низолар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши» моддалари бўйича айбловлар қўйилган.

Етти нафар фуқаро қўлга олингани ҳақида маълумот кеча эълон қилинган эди. Бишкекнинг Биринчи май туман суди маълумотига кўра, уларнинг барчаси 10 январгача қамоққа олинган.

Кубан Адил уулу 30 апрель куни президент буйруғига биноан бош прокурор ўринбосари лавозимидан озод қилинган эди.

249 маҳаллий кенгаш депутатлари сайлови 17 ноябрь кунига белгиланган.