Қирғизистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмай бинолар қуриш учун жарималар жорий қилиниши мумкин

23

Парламент депутати Дастан Бекешев ногиронлиги бўлган шахслар учун «қурилиш меъёрлари ва талаблари»га риоя этмаганлик учун жарималар киритишни таклиф қилган қонун лойиҳасини ташаббус сифатида кўтарди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Қонун лойиҳаси муаллифининг айтишича, барчага мос инфратузилмани таъминлаш учун лойиҳа ташкилотлари, қурилиш компаниялари ва масъул шахсларга максимал жарималар ўрнатиш зарур.

Ҳужжатга кўра, жисмоний шахслар учун жарима 20 минг сўмни, юридик шахслар учун эса 200 минг сўмни ташкил этади.

«Қонунчилик ва қурилиш меъёрлари [ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитларни] назарда тутса ҳам, бинолар ва кўп қаватли уйлар ногиронлар эҳтиёжларини инобатга олмасдан қурилмоқда», — деди депутат.

Бекешевнинг таъкидлашича, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари йўллар ва пиёдалар зоналарини қуриш тендерларида инклюзив инфратузилма талабини кўрсатишни «унутмоқда». Шу билан бирга, бошқа идоралар инклюзив таълим шароити бўлмаган мактаб ва болалар боғчаларини фойдаланишга топширмоқда.

«Бу ҳолат Таълим вазирлигининг инклюзив таълимни жорий этишини қийинлаштиради, шунингдек, хизмат кўрсатиш марказлари ногиронлиги бўлган шахсларга уйда хизмат кўрсатишга ва бунга кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлади», — дейилади асослантирувчи маълумотномада.