Журналист Адил Акжол ўғли энди шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишда айбланмоқда

38

Оммавий тартибсизликларга чақирганликда гумон қилинган журналист Адил Акжол ўғли энди шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишда айбланмоқда. Бу ҳақда «Азаттиқ» адвокат Назик Ажимаматованинг маълумотига таянган ҳолда хабар берди.

Унинг айтишича, журналистга қўйилган дастлабки айблов тилшунослик экспертизасидан сўнг ўзгартирилган — экспертиза Акжол ўғлининг сўзларида оммавий тартибсизликларга чақириқлар йўқлигини кўрсатган.

Шу сабабли, «оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича айблов шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишни назарда тутувчи 190-модданинг 2-қисми («Шахсий ёки оилавий сирни асарларда, оммавий ахборот воситаларида ёки бошқа оммавий чиқишларда ноқонуний фойдаланиш ёки тарқатиш, шунингдек, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган хатти-ҳаракатлар») билан алмаштирилган.

Журналист иши Бишкекнинг Биринчи май туман судига топширилган. Унинг иши бўйича дастлабки суд мажлиси 19 ноябрга белгиланган. Адил Акжол ўғли 31 декабргача ҳибсда қолади.

Журналистга нисбатан товламачилик моддаси бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилган. Иссиқкўл вилоятидан бир шахс МХДҚга мурожаат қилиб, журналист унинг иштироки билан YouTube каналидаги видеороликни ўчириб ташлаш учун катта миқдорда пул талаб қилганини даъво қилган.

Адил Акжол ўғли август ойи бошларида қўлга олинган эди. Унинг адвокати журналистга Айтургон Маматқулованинг ўлими ҳақидаги видео сабабли очилган WhatsApp гуруҳи туфайли оммавий тартибсизликларга чақириқ айблови қўйилганини айтган.