«Халқ сабри билан ўйнашиб бўлмайди». Бишкекнинг вақтинчалик автовокзали шароитларини яхшилашга чақириқ

110

31 октябрдаги парламент йиғилишида депутат Дастан Жумабеков Ғарбий автовокзални Сўқулуқ туманига кўчириш масаласини муҳокама қилиб, вақтинчалик автовокзалда инсонлар учун зарур шароитларни яратишни талаб қилди.

Унинг сўзларига кўра, автовокзал «вақтинчалик» бўлса-да, шаҳар ҳокимияти одамлар учун инфратузилмани яратиши керак эди. Бироқ «фақат шағал ётқизиб, четга контейнерлар ўрнатиш билан чекланишган».

Жумабеков таъкидлаганидек, қишда бу жой «энг совуқ» ҳудудга айланади ва айрим қирғизистонликлар айнан даволаниш учун пойтахтга келишади.

«Қанча фуқароларимиз ҳар куни пойтахтга келади, қанча таксистлар шу ерда турибди. Лекин у ерда на ҳожатхона, на намозхона, на ошхона бор. Қишда бу ер энг совуқ жойга айланади. Вақтинчалик бўлса-да, зарур шароитлар яратилиши керак эди. Халқ сабри билан ўйнашга йўл қўйиб бўлмайди […] Одамларни шароит яратмасдан, қишлоққа кўчириб, уларга маршрутлар бор деб айтган ҳолда ташлаб қўйиш мумкин эмас» — деди депутат.

Депутатлар Суюнбек Омурзаков ва Бақтибек Чойбеков ҳам ҳукуматни бу муаммони ҳал қилишга чақиришди.

Аввалроқ Бишкек шаҳар ҳокимияти 23 октябрдан бошлаб Ғарбий автовокзал ва «Акжол» мини-автовокзали ёпилганини маълум қилди. Энди Норин ва Иссиқкўл вилоятлари йўналишлари "Бишкек автовокзали»нинг янги автовокзалидан (Алмати кўчаси, 1/1) жўнайди. Ўш, Жалолобод, Боткент, Норин ва Талас вилоятларига йўналишлар эса «Ак-Кула» ипподроми яқинидаги ер майдонига кўчирилди.

Айни пайтда Президент ишлар бошқармаси раҳбари Қанибек Туманбоев фуқароларни «бироз сабр қилишга» чақириб, келаси йили Бишкекда замонавий автовокзал қурилишига ваъда берди.