Давлат Думаси мигрантларга қарши бир қатор қонун лойиҳаларини қабул қилди

52

Давлат Думаси депутатлари ялпи мажлисда мигрантларга қарши мазмундаги қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишди. Ҳужжатлар Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади.

Қонун лойиҳаларидан бирига кўра, Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган мигрантлар учун жазо чоралари янада оғирлашади.

«Бу [жиноятни ноқонуний мигрант содир этганини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан олиш] ҳукм чиқаришда ноқонуний мигрантларга нисбатан юқори жазо чораларини белгилаш имконини беради, шартли жазолардан қочиш имкониятини туғдирмайди», — деди Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин.

Бундан ташқари, яна бир ҳужжатга кўра, Давлат Дума «ташкил этилган гуруҳ ёки оғир ёки айниқса оғир жиноятларни содир этиш мақсадида ноқонуний миграцияни ташкил қилиш» жиноятини «оғир» ёки «айниқса оғир» туркумга киритди.

«Айниқса оғир» жиноятлар категорияси учун жазо саккиз йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади, бу аввалги етти йиллик муддатдан кўпроқдир. Шунингдек, 3 миллион рублдан 5 миллион рублгача жарималар ва ўн йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам кўзда тутилган.

«Энди назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда тегишли вазирликлар мамлакатимиз ҳудудида бўлиб турган хорижлик фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳамда уларга ёрдам берувчиларга қарши самарали курашиш имкониятига эга», — деди Володин.

Россия депутатлари бошқа қонун лойиҳаларини ҳам қабул қилишди. Улар ноқонуний миграцияни ташкил этиш мақсадида сохта ҳужжатлар тайёрлаш ёки уларни муомалага киритиш учун жазони қаттиқлаштиришни кўзда тутади. Шунингдек, хорижликларни ҳисобга қўйганлик учун жарима жорий этилади (Володиннинг Телеграм-каналига асосан).

Юридик шахслар учун жарима 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача бўлади ва мол-мулк мусодара қилиниши мумкин. Агар жиноят такроран содир этилса, жарима 10 миллион рублдан 60 миллион рублгача оширилиб, мол-мулк мусодара қилиниши мумкин. Володин аввалроқ икки йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳақида ҳам гапирган эди.

Яна бир ҳужжатга кўра, мигрантларга ноқонуний хизматларни таклиф этувчи интернет-ресурслар судсиз тўсилади, шунингдек, воситачилик қиладиган ташкилотларга мигрантлардан имтиҳон қабул қилиш бутунлай тақиқланади.

Сентябрь ойининг охирида ушбу тўрт қонун лойиҳасини Россия парламентига киритиш режалаштирилаётгани маълум бўлган эди. Россия президенти Владимир Путин аввалроқ антимигрантлик мазмунидаги бир қатор қонунларни имзолаган. Масалан, энди полиция мигрантларни суд қарори чиқмасдан депортация қилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида «депортация режими» қайд этилган. Шунингдек, ҳарбий рўйхатга турмаган собиқ мигрантлар Россия фуқаролигини йўқотиши мумкинлиги белгиланган.