Бизнесмен ва KG Group соҳиби Имомиддин Тошовнинг онаси президент Садир Жапаровга ўғлини уй қамоғига чиқариш ва унинг ишини шахсан назоратга олиш илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Апрель» таҳририяти хабар берди.
Бугун Тошовни тўртинчи шаҳар шифохонасида операция қилишди. Адвокат Самат Мацаковнинг дастлабки маълумотларига кўра, Тошов қорин соҳасини кесиб жароҳатлаган. Сўнгра уни СИЗОга қайтаришди.
«Бу ўғлимнинг ўзини иккинчи марта жароҳатлаши. Садир Нургожоевичдан унинг ишини ўз назоратига олишини ва уни уй қамоғига чиқаришини сўрайман. Она сифатида мен бу ҳолатга чидай олмайман. У [қайси жойини кесганини] кўрсатмади. Фақат менга ҳаммасини яхши деб айтди. Бу кечаги суддан кейин содир бўлди. У бекорга ўзини жароҳатламайди-ку», — деди она.
Бундан аввал Тошовнинг онаси унинг устидан жиноий иш қўзғатилгани ва унинг устидан Биринчи май туман судида кўрилган жараёнда уни СИЗОда ток билан қийноққа солгани ва ургани ҳақида маълум қилди.
Имомиддин Тошовга зўравонлик билан ҳокимиятни эгаллаш, оммавий тарзда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга чақириқлар ва Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айблари қўйилган.
МХДҚ апрель ойи охирида Тошовни ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга чақириқлар бўйича қидирувга берганини маълум қилди. Кейинчалик махсус хизматлар уни Қайинди қишлоғида қўлга олишди.
Тошовга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва қидирувга берилган. У МХДҚ ходимларини одам ўғирлаш, қўрқитиш ва ноқонуний қурилиш иши бўйича 52 миллион сом тўлаганидан ташқари, «чап чўнтакка» 100 миллион сом талаб қилишда айблаган эди.