Боткен: Зардоли қишлоғига мобил алоқа ўрнатилди

50

Давлат мобил алоқа оператори «Мега» Боткен вилоятининг чекка ҳудуддаги Зардоли қишлоғига мобил алоқани ўрнатди. Компания раҳбари Элнар Субакожоев у ердан давлат раҳбари билан видеоқўнғироқ орқали боғланди.

«Қишлоқ аҳолисининг илтимосига биноан бугун “Мега” 4G интернетини улади. Бу қишлоқда электр энергияси ва алоқа сигнали йўқ, шу сабабли биз қуёш панелларини ўрнатдик ва сунъий йўлдош сигнали орқали алоқани таъминладик. Аллоҳнинг ёрдами билан бугун расман уландик», — деди Субакожоев Президентга ҳисобот бериб.

«Мега» раҳбарининг сўзларига кўра, телефонлар қуёш панеллари орқали қувватланмоқда. Панеллар кун бўйи ишлайди — бунинг учун қўшимча аккумулятор ўрнатилди.

«Сизнинг топшириғингизга кўра, “Мега” ходимлари бир неча кун мобил алоқани таъминлаш учун ишлади. Биз Ленинграддан [Санкт-Петербург] невара ва фарзандларимиз билан тонгга қадар суҳбатлашдик. Катта раҳмат», — деди маҳаллий аҳоли Жапаровга миннатдорлик билдириб.

Президент матбуот котиби Аскат Алагозов ўзининг Facebook саҳифасида Садыр Жапаров сентябрь ойининг охирида Зардоли қишлоғига ташриф буюрганини ёзди. Ўшанда маҳаллий аҳоли унга мобил алоқа йўқлигидан шикоят қилиб, бу муаммони йўл ва электр таъминоти билан бир қаторда ҳал этишни сўрашган эди.

Давлат раҳбари маҳаллий аҳолига, Аллоҳ хоҳласа, келаси йилда қолган муаммоларни ҳам ҳал қилишини ваъда қилган.

Зардоли қишлоғи Боткендан 125 километр узоқликда жойлашган. Бу қишлоқда электр энергияси йўқ, доимий яшовчилар сони эса 250 кишини ташкил этади. Ўрик ва саксовул мавсумида аҳоли сони минг кишига етиши мумкин.