Бизнесмен ва KG Group қурилиш компанияси раҳбари Имомиддин Тошовга нисбатан қўзғатилган жиноий иш Биринчи Май туман судида кўриб чиқилмоқда. У ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ва шунга чақиришда айбланмоқда.
«Апрель» нашрининг хабар беришича, судья Чингизбек Бердимуратов суд жараёнини фото ва видеога олишни тақиқлаган. Шунга қарамай, суд муҳокамаси очиқ тарзда ўтмоқда.
Тошовнинг онаси нашр мухбирларига ўғлига нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бунга ўғлининг унга ёзган мактубидаги маълумотлар асос бўлган.
«Уни ҳибсга олишганидан бери бирон марта ҳам кўришга рухсат беришмади. Тергов давомида бирон марта ҳам ўғлимни кўрмадим. Уни ҳибсга олиб, калтаклашди – у одам ўлдирдими? [...] Ток билан қийнашди, бунинг барчаси мактубда ёзилган. Она юрагим буни кўтара олмайди», — деди у.
Бизнесменнинг онаси суддан адолатли қарор чиқаришни ва Тошовни оқлашни сўради. Унинг таъкидлашича, ҳозир ўғлининг барча мол-мулки мусодара қилинган, компания мижозлари эса норози.
Имомиддин Тошовга ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга оммавий чақириқлар ва Қирғизистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш моддалари бўйича айбловлар қўйилган.
2024 йил апрель ойи охирида МХДҚ Тошовга нисбатан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга чақириш бўйича жиноий иш қўзғатилганини ва у қидирувда эканини хабар қилган эди. Кейинроқ махсус хизматлар уни Қайинди қишлоғида ҳибсга олган.
Тошовга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва у қидирувга берилган, бу ҳолат унинг МХДҚ ходимларини одам ўғирлаш, қўрқитиш ва ноқонуний қурилиш иши бўйича тўлаган 52 миллион сомдан ташқари «чап чўнтагини» тўлдириш учун 100 миллион сом талаб қилишда айблаганидан сўнг рўй берган.