«Мигрантлар бизнинг анъаналаримизни ҳурмат қилиши шарт». Давлат Думаси мигрантларга қарши учта қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди

23

Россия депутатлари миграция сиёсатини «такомиллаштириш»га қаратилган учта қонун лойиҳаси тўпламини биринчи ўқишда маъқуллашди. Бу ҳақда Давлат Думаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш вақтида Дума спикери Вячеслав Володин шундай баёнот берди: «Мигрантлар Россия қонунларига риоя қилишлари, рус тилини билишлари ва бизнинг анъаналаримизни ҳурмат қилишлари шарт».

Қонун лойиҳасида миграцияни ноқонуний ташкил этиш мақсадида сохта ҳужжатларни тайёрлаш ёки тарқатиш учун жазони кучайтириш таклиф қилинмоқда (шунингдек, чет элликларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ ҳолатлар).

Юридик шахслар учун жарима миқдори 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача кўрсатилган бўлиб, мулк мусодара қилинади. Агар жиноят қайта содир этилса, 10 миллион рублдан 60 миллион рублгача жарима ва мулк мусодара қилинади. Володин аввалроқ икки йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкинлиги ҳақида ҳам гапирган эди.

Бошқа бир ҳужжатга кўра, мигрантларга ноқонуний хизматлар таклиф қилувчи интернет-ресурслар судсиз блокланиши, шунингдек, мигрантлардан имтиҳон олишга воситачилик қилувчи ташкилотларга бутунлай тақиқ қўйилиши таклиф қилинмоқда.

«Йил бошидан буён ушбу соҳани тартибга солувчи етти қонун қабул қилинди. Ҳозирда яна олти қонун кўриб чиқилмоқда, уларни декабргача қабул қилишни режалаштирмоқдамиз», — таъкидлади Володин.

Сентябрь охирида Россия парламентига мазкур учта қонун лойиҳасининг киритилиши ҳақида маълум бўлган эди. Бундан ташқари, тўпламда яна икки қонун лойиҳаси бор — уларда мигрантларнинг Россияда ноқонуний бўлишини «огирлаштирувчи» ҳолат деб тан олиш ва «оғир» жиноятлар рўйхатига ноқонуний миграцияни ташкил этишни киритиш таклиф қилинмоқда.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин мигрантларга қарши бир қатор қонун лойиҳаларини имзолаганди. Энди полиция суд қарорисиз мигрантларни депортация қилиши мумкин бўлади. Қабул қилинган ҳужжатда «депортация режими» ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, агар собиқ мигрантлар ҳарбий рўйхатдан ўтмасалар, Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақидаги қонун ҳам имзоланган.