20 октябрь куни Биринчи Май туман суди Бишкек шаҳар прокуратурасининг икки нафар ходимини ҳибсга олишга қарор қилди. Улар Бишкек вице-мэри Рамиз Алиевдан пора талаб қилишда гумонланмоқда.
Суд матбуот хизматига кўра, Давлат хавфсизлиги қўмитасининг Бош тергов бошқармаси терговчиси давлат хизматчилари Ж.А.А. ва И. улуу Э. ни икки ойга қамоққа олишни сўраб, судга мурожаат қилган.
Kaktus.media нашрининг манбаси маълумотларига асосланиб хабар беришича, гумонланувчилар Бишкек шаҳар прокурорининг ўринбосари Эдилбек Идирис уулу ва умумий назорат бўлими бошлиғи ўринбосари Абдирашид Жаманкеевдир.
Дастлабки маълумотларга кўра, прокурор ўринбосари ва воситачи Бишкек вице-мэри Рамиз Алиевдан, у «Тазалык» корхонаси раҳбари бўлиб турган вақтида, 5000 доллар пора талаб қилган. Уларнинг ваъдаси эса корхонадаги текширувларни тўхтатиш бўлган.
18 октябрь куни махсус хизмат ходимлари Бишкек прокуратураси биносида тинтув ўтказиб, икки прокурор ходимини ҳибсга олди.