Чўй: Суд шиномонтажчига ижтимоий тармоқдаги пости учун 120 минг сом жарима солди

131

Чўй вилоятида вулканизация ходими Тариэль Ботбаев 120 минг сом жарима тўлашга маҳкум қилинди. Вилоятнинг Аламудун туман суди уни ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга чақирганликда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда «Азаттиқ».

55 ёшли Ботбаевга учта модда бўйича айб қўйилган. Ҳокимиятни эгаллашга чақирувдан ташқари, унга жиноятга қасд қилиш ва ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақавий низоларни қўзғатиш айбловлари ҳам тақдим этилган.

Унинг адвокати Нурлан Токталиевнинг айтишича, милиция ходимлари «Ботбаевни айбларини тан олишга алдашган».

Аввалроқ унинг синглиси Нургул журналистларга Ботбаев ижтимоий тармоқларда фақат расмлар ва афоризмларни, «интернетда эркин тарқалаётган» нарсаларни жойлаштирганини айтиб ўтган эди.

«Бу оддий сўзлар, унинг ўзига тегишли эмас, фалсафачиларнинг сўзлари, оддий афоризмлар холос. Ва шу сабабли одамнинг ҳаётини вайрон қилиш керакми? Ахир у оддий ишчи», — Ботбаевнинг адвокати сўзларини Kaktus media келтирган.

Новопокровка қишлоғида яшовчи Тариэль Ботбаев 17 май куни эрталаб қўлга олинган. Шу куни уни икки ойга СИЗОга қамашган ва уй қамоғига чиқаришни рад этишган.