Жапаровнинг айтишича, ҳокимият маҳаллий кенгашлар учун сайловга аралашмайди

78

Президент Садир Жапаров қирғизистонликларга мурожаат қилиб, маҳаллий кенгашларга бўлажак сайловлар давлатнинг аралашувисиз ўтишини маълум қилди. Агитация кампанияси 17 октябрда бошланади, сайловлар эса бир ойдан сўнг ўтказилади.

Давлат раҳбарининг айтишича, агар бирор давлат ходими маълум бир номзодни қўллаб-қувватлаётгани аниқланса, уни «қатъий жазолашади».

«Ҳокимият бир номзодни илгари суриб, бошқасини четлатган давр ўтмишда қолди», — деди Жапаров.

У қирғизистонликларни муносиб номзодларни танлашга чақирди, мамлакатни «тубанликка тортадиган» одамларни эмас. Президентнинг сўзларига кўра, бундай номзодлар ўз юртига садоқатлилиги билан халқ олдида исботлашлари керак. У ёш, тажрибали кишиларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлади.

«Мен доим айтаман: “Биз янги Қирғизистон қуришга интиляпмиз”. Бу осон йўл эмас. Қийин ва мураккаб пайтда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун масъулиятни зиммамизга олдик. Мамлакат ривожланиши ҳудудларнинг ривожланишидан бошланади. Шундай экан, маҳаллий кенгашларга сайловларга бефарқ бўлмайлик», — деб чақирди Жапаров қирғизистонликларга.

Бундан олдин, ДХҚ раҳбари Камчибек Ташиев давлатни «тозалаш» соф сайловлардан бошланиши кераклигини айтган эди. У партияларга ҳар бир номзодни «синчковлик билан текшириш»ни топширган. Ташиев жиноят ва коррупцияга алоқадорларни рўйхатдан чиқаришни талаб қилган.

Президент 6 сентябрда «Маҳаллий кенгашларни тарқатиш ва депутатлар сайловини тайинлаш тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, 249 маҳаллий кенгаш депутатлари сайловлари 17 ноябрга белгиланган.