Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев яқин вақт ичида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара делимитацияси масаласи ҳал этилишини маълум қилди. У бу ҳақда Баткен шаҳри ва вилоятининг 25 йиллигига бағишланган «Баткен тарихи – халқнинг маънавий мероси» илмий анжуманида сўзлаган нутқида айтди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, президентнинг сиёсати туфайли Баткендаги вазият яхшилана бошлади ва чегара муаммоси ҳам ҳал этилаяпти.
«Худо хоҳласа, яқин вақт ичида қўшниларимиз [Тожикистон] билан чегара масаласини ҳал қиламиз. Қайси ер кимга тегишли эканлиги ҳақидаги ноаниқликлар энди бўлмайди. Ҳаммасини қонун доирасида ҳал қиламиз ва еримизни кўз қорачиғидек асраймиз», – деди Ташиев.
У қўшимча қилишича, аввал Баткен вилоятига етарлича эътибор қаратилмаган, аммо энди вилоятнинг ривожланиши учун ҳар йили 500 миллион сом ажратилади.
Июль ойининг охирида Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасининг 94% тасвирлангани маълум бўлганди. Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Борубаевнинг сўзларига кўра, ҳал қилинмаган 6% қийин бўлган ҳудудлар Баткен туманида жойлашган.