Ташиев: Давлатни тозалаш ҳалол сайловлардан бошланиши керак

70

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев яқинлашиб келаётган маҳаллий кенгашларга сайловлар шаффоф ва холис ўтиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у 12 октябрда Сулукту шаҳридаги «Бору» ҳарбий бўлинмасининг очилиш маросимида айтди.

Ташиевнинг таъкидлашича, давлат органлари сайловларга аралашмаслиги керак, ва у бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакилларини огоҳлантирди. У давлатда «тозаланиш» сайловлардан бошланиши кераклигини айтиб ўтди.

«Биз давлатни адолатли бошқаришимиз керак. Энди ҳеч ким бошқаларга босим ўтказмайди. Биз депутатлар ҳалол бўлиб, халқ ва мамлакатга хизмат қилишларини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. […] Сайловда иштирок этаётган партиялар ҳар бир номзодни синчковлик билан текширишлари керак. Агар улар ёки уларнинг қариндошлари жиноий фаолият ёки коррупцияга алоқадор бўлсалар, рўйхатдан чиқарилиши керак», — деди Ташиев.

Махсус хизмат раҳбари сайлов давомида қонунни бузган номзодлар қатьий жазоланишини огоҳлантирди.

Президент Садир Жапаров 6 сентябрь куни «Маҳаллий кенгашларни тарқатиш ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини тайинлаш тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Унга кўра, 249 маҳаллий кенгаш депутатлари сайловлари 17 ноябрга белгиланган.