«Сизнинг вазифангиз». Ташиев мамлакат ривожи учун МХДҚ ходимларининг хотинларини кўпроқ туғишга чақирди

77

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев махсус хизмат ходимларининг рафиқаларига мурожаат қилиб, уларни «иложи борича кўпроқ фарзанд кўришга» чақирди. У бу ҳақда Ош шаҳрида чегарачилар ва МХДҚ ходимларининг фарзандлари учун очилган «Ақилман» болалар боғчаси очилиш маросимида билдирди.

Ташиевнинг фикрига кўра, Қирғизистоннинг ривожланиши учун ҳар бир оилада камида беш-олти нафар фарзанд бўлиши керак. «Шунчаки мамлакат ривожланиб кетмайди», — деб қўшимча қилди у.

«Сизлар турмуш қургансизлар ёки уйлангансизлар, агар соғлигингиз бунга имкон берса, фарзанд кўринглар. Иложи борича кўпроқ туғинглар […] Бизда ҳалигача бўйдок, турмуш қурмаган ходимлар бор, яқинда уларнинг катта фоизи аниқланди. Мен уларга оила қуришни маслаҳат бердим […] Бу сизларнинг вазифангиз, ҳурматли аёллар. Агар мен буни қўпол айтган бўлсам, узр сўрайман», — деди Давлат қўмитаси раҳбари.

Ташиевнинг таъкидлашича, махсус хизмат ходимларининг рафиқалари молиявий жиҳатдан хавотирга тушмасликлари керак. Унинг сўзларига кўра, Давлат қўмитаси ходимлари пул ва турар-жой билан таъминланади.

МХДҚ раҳбари Қирғизистон аҳолиси 7 миллиондан ошганини қайд этди. Энди қисқа вақт ичида 10 миллион, балки 15-20 миллион аҳолига етишиш зарурлигини, бошқа давлатлардан сони ва кучи бўйича орқада қолмаслик учун шу мақсадга эришиш муҳимлигини таъкидлади.