«Чегара билмас мухбирлар» 11 журналистга нисбатан чиқарилган ҳукмни Қирғизистон ҳукуматининг авторитаризмга яққол ҳаракати деб атади

85

Халқаро «Чегара билмас мухбирлар» (RSF)  ташкилоти Қирғизистон ҳукумати томонидан Temirov Liveнинг тўрт собиқ ва амалдаги ходимларига чиқарилган айблов ҳукмларини «Қирғизистоннинг авторитаризмга томон яққол ҳаракати» деб баҳолади.

RSF баёнотида, Ленин туман суди томонидан қабул қилинган қарор  «асоссиз ва жиддий далилларсиз» бўлиб, бундай жазолар тайинланиши учун етарли асос йўқлиги таъкидланган.

Ташкилотнинг айтишича, журналистлар учун чиқарилган ҳукм кунини  «Қирғизистонда матбуот эркинлиги учун қоронғу кун» деб аташ мумкин. RSF ҳукуматни ушбу журналистларни Бишкек шаҳар судида оқлаб, зудлик билан озод қилишга чақирган.

 «Ушбу журналистлар ҳокимият элитасидаги, жумладан, президент атрофидаги коррупция ҳақидаги таҳқиқотлари учун катта нарх тўлашмоқда. RSF уларни зудлик билан оқлаш ва озод қилишга чақирмоқда, чунки далиллар мавжуд эмас», — деди ташкилотнинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Жанна Кавелье.

2024 йил 10 октябрда Ленин туман суди оммавий тартибсизликларга чақириш айби билан қўлга олинган 11 журналистга ҳукм чиқарган эди. Иш бўйича икки иштирокчи Махабат Тажибек қизи ва ақин Азамат Ишенбеков мос равишда олти ва беш йил озодликдан маҳрум қилинган, Актилек Капаров ва Айка Бейшекиева эса уч йиллик пробацияга ҳукм қилинган. Суд қолган етти айбланувчини жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.