Бош прокуратура: Қирғизистон жанубида ноқонуний қурилган йўл туфайли музликлар кўчган

132

Бош прокуратура Ўш вилоятида майдони 9 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган музликлар ва тупроқ қатламининг бузилиши бўйича жиноят ишини қўзғатди.

Назорат органи маълумотига кўра, мазкур ишда давлат корхонаси «К.»нинг «Жанубий» филиали мансабдор шахслари иштирок этмоқда. Терговга кўра, улар хусусий компания «С.»нинг вакиллари билан тил бириктирган.

Шундай қилиб, Ўш ўрмон хўжалигининг «Загара-2» участкасидан кўмир конларига олиб борувчи 9 метр кенгликда ва 6 км узунликда ноқонуний йўл қурилган.

Бош прокуратура икки модда бўйича жиноят ишини қўзғатди — «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» ва «ишлаб чиқариш ишларини амалга оширишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш».

«Давлатга етказилган зарар миқдори экспертиза натижаларига мувофиқ аниқланади», — дея қўшимча қилган прокуратура.