Бишкекда йўл ҳақини нақд тўлаш имконияти бекор қилиниши мумкин

130

Бишкек мэрияси шаҳарликларнинг 95% нақдсиз тўловга ўтгандан кейин жамоат транспортида нақд тўлов имкониятини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда шаҳар мэрияси қошидаги Транспорт департаментининг директор ўринбосари Бақит Саримсаков Sputnik Қирғизистон матбуот марказида маълум қилди.

Саримсаковнинг айтишича, нақдсиз тўлов амалга оширилганида ҳайдовчилар "ҳаракат давомида чалғимайди ва аварига тушмайди". Бунинг учун аввало нақд тўлов миқдорини ошириш таклиф қилинган.

«Бугунги кунда нақд тўловлар сони 40-50% ни ташкил қилади. Қачонки 95-98% нақдсиз тўловга эришсак, нақд тўловни бекор қилиш масаласини кўтарамиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимиятида нақдсиз тўловни ошириш бўйича гуруҳ ташкил этилган бўлиб, унга жамоат ташкилотлари ва фаоллар ҳам кирган.

Шунингдек, президент Садир Жапаров бишкекликларни «Тулпар» картасини сотиб олишга чақирди, шунда улар йўл ҳақи тарифларининг ошишига дуч келмасликларини айтди. Аввалроқ Бишкек шаҳар ҳокимияти нақд тўловларни оширишни таклиф қилган эди. Саримсаковнинг сўзларига кўра, тариф 30-40 сўмгача оширилиши мумкин.

«Нақд тўлов орқали қанча пул тушаётганини ҳеч ким билмайди. Бу пуллар, очиғини айтганда, ҳайдовчиларнинг чўнтагидан ўтмоқда […] Шундай қилиб, [карта орқали тўлаб] сиз ўғрилик ва коррупцияни бартараф этишга ёрдам берасиз», — деди давлат раҳбари.

Амалдаги тарифларга кўра, муниципал автобуслар ва троллейбусларда нақдсиз тўлов қилинганда йўл ҳақи 17 сом, нақд тўловда 20 сомни ташкил қилади. Шахсий автобус ва маршруткаларда йўл ҳақи 20 сом.