14 ёшли ўсмирнинг мадрасада вафот этиши ортидан барча диний таълим муассасаларига камера ўрнатиладиган бўлди

155

Қирғизистондаги барча диний таълим муассасаларига видеокузатув тизимлари ўрнатилади. Бу қарор 14 ёшли ўғил боланинг мадрасада ўлдирилиши муносабати билан Давлат дин ишлари қўмитаси, МХДҚ ва милиция вакиллари иштирокидаги йиғилишда қабул қилинди.

Дин ишлари қўмитаси матбуот хизматидан «Клооп»га билдирилишича, бу ташаббус босқичма-босқич жорий этилади. Биринчи навбатда Ўш вилоятидаги барча диний таълим муассасалари видеокамералар билан жиҳозланади.

Шунингдек, мажлисда ички тартибни сақлаш учун мадрасаларга навбатчи ўқитувчиларни тайинлаш ҳақида ҳам қарор қабул қилинди.

7 октябрь куни Новқат туманидаги мадрасада ўсмирлар ўртасида келиб чиққан низо оқибатида 14 ёшли бола пичоқланиб ҳалок бўлган. Муфтийлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлган бола мадрасада ўқимаган, у вақтинча у ерда бўлган — уни дам солдириш учун олиб келишган бўлган. Жиноятда гумон қилинган 16 ёшли мадраса тарбияланувчиси эса қўлга олинган.