«Ҳаммасини мусодара қилишди» - Даниэл Ажиевнинг онаси ёрдам сўраб президентга мурожаат қилди

78

Вебкам-студиялар ташкил қилишда айбланиб, тўққиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Даниэл Ажиевнинг онаси президентга мурожаат қилиб, оиласига ёрдам беришни сўради. Унинг видео мурожаати ўғлининг саҳифасига жойлаштирилган.

Ажиевнинг онасининг айтишича, ўғлининг 2 миллион долларлик мулки мусодара қилинган. Бу учта квартира, иккита хусусий уй ва тўртта автоювиш шахобчасидан иборат.

«Ўғлимнинг мулкидан ҳеч нарсани қолдиришмади, ҳаммасини мусодара қилишди. Унинг рафиқасида учта ёш бола бор. Улардан каттаси оғир ногиронлик даражасидаги бола [...] Ҳеч бўлмаганда улар яшаб турган квартирани қолдиришлари мумкин эди», — деди аёл.

Ажиевнинг онаси ўз уйини ҳам мусодара қилишганини таъкидлади. Эндиликда, унинг айтишича, келини болалари билан кўчада қолган.

Бундан олдин, Бишкекнинг Первомай туман суди Даниэл Ажиевни фоҳишахона ташкил қилиш, порнографик материаллар тарқатиш, уюшган жиноий гуруҳ (ОПГ) тузиш ва алдаш орқали мол-мулкка зарар етказишда айбдор деб топган эди.

Ажиев тўққиз йил озодликдан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ва у 220 минг сом жарима тўлашга ҳамда икки йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмасликка мажбур қилинган.

Гламур ҳаёт тарзи билан танилган қирғизистонлик тадбиркор Ажиев, ижтимоий тармоқларда шўхликлари билан машҳур бўлган. У аввал 2020 йилда порнография ишлаб чиқаришда айбланиб ҳибсга олинган. Унинг машҳурлиги, собиқ депутат Алиярбек Абжалиевнинг ўғлини жиноятларда айблаб, қирғизистонликларни ҳақорат қилган видео мурожаатидан сўнг янада ортган. Абжалиев эса собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг қизининг қайнотаси.