«Чегара билмас мухбирлар» Қирғизистон ҳукуматини «журналистларни тозалаш»ни тўхтатишга чақирди

126

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини Temirov Live ва «Айт айт десе» лойиҳаларида ишлаган 11 собиқ ва амалдаги ходимларни озод қилишга чақирди. Ленин туман суди 10 октябрь куни уларга ҳукм чиқариши керак.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбарига кўра, журналистлар томонидан ўтказилган коррупцияга қарши суриштирувлар босим ўтказиш учун асос бўлмаслиги керак.

«Шубҳали айбловлар асосида амалга оширилган бу ҳибсга олишлар тўлқини маҳаллий суриштирувчи журналистлар сафидаги тозалашга ўхшайди. Ҳибсга олинган 11 журналистни Temirov LIVE каналида ишлаганликлари бирлаштиради [...] RSF бу каби журналистларга қарши овларни қоралайди ва Қирғизистон ҳукуматини уларни дарҳол озод қилишга чақирмоқда», деди Жанна Кавелье.

Temirov Live асосчиси Болот Темиров ташкилотга билдиришича, у ҳибсга олишга сабаб бўлган қайси нашр ҳақида давлат айбловчилари ишора қилаётганини билмайди. Темировнинг ўзи ҳам ушбу иш бўйича айбланувчи сифатида ўтиб, ҳозирда "мажбурий" равишда хорижда бўлиб турибди.

Бундан олдин, давлат айбловчиси ҳар бир айбланувчига олти йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди.

Temirov Live ва «Айт айт десе» лойиҳаларининг 11 амалдаги ва собиқ ходими 16 январь куни оммавий тартибсизликларга чақирганликда айбланиб қўлга олинган. Махабат Тажибек қизи ва журналист Актилек Капаровни тартибсизликларга чақирувлар «ташкилотчиси» сифатида, қолган журналистларни эса ушбу чақирувларга «кўмаклашганликда» айблашган. Ҳар бир айбланувчи ўзларига қўйилган айбловларни рад этишмоқда.