Иссиқкўлдаги тўрт пансионат Ўзбекистонга ўтди - Мирзиёев келишувни тасдиқлади

132

«Бостери», «Рахат», «Дилором» пансионатлари ва қурилиши тугалланмаган «Бустон» объекти Ўзбекистонга ўтди. Улар Чўлпон-Ота шаҳрида, Иссиқкўл туманининг Қора-Ой қишлоғида ҳамда Тон туманида жойлашган. 

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев курорт-рекреацион хўжалик объектлари бўйича Қирғизистон билан тузилган келишувни маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон қонунчилиги миллий маълумотлар базаси сайтида хабар берилди.

Ҳужжатда келишув «объектлар мулк ҳуқуқларини тартибга солиш» ва «уларнинг кейинги фаолиятини таъминлаш» мақсадида қабул қилингани айтиб ўтилган.

Келишувга кўра, ўзбек томони пансионатларни камида уч юлдузли меҳмонхона мажмуаларига реконструкция қилиши лозим. Шунингдек, ходимларнинг камида 80% қирғизистонликлар бўлиши керак. Қирғизистон фуқаролари пансионатларнинг пляжларига эркин кириш ҳуқуқига эга бўлишади.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати пансионатларни ўзбек томонига 49 йил муддатга реконструкция қилиш шарти билан узоқ муддатли фойдаланишга беришини айтган эди.

Қирғизистон президенти Садыр Жапаровнинг сўзларига кўра, 2016 йилда ўша пайтдаги Қирғизистон бош вазири Темир Сариев ушбу пансионатларни миллийлаштирган. Шундан сўнг, Ўзбекистон Вашингтондаги халқаро судга даъво аризаси киритиб, 65 миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилган.

2023 йил май ойида суд Қирғизистон томони Ўзбекистонга 40 миллион доллардан ортиқ маблағ тўлаши керак, деган қарорни қабул қилди. Жапаров Қирғизистон бу суммани тўлаш имконияти йўқлигини таъкидлаб, республика объектларни 49 йилга Ўзбекистонга ижарага беришини айтган.

Аммо янги келишувда 49 йиллик ижара ҳақида сўз юритилмаган. Ҳужжатга кўра, ўзбек томони пансионатларни реконструкция қилгандан сўнг, объектларни учинчи шахсларга топшириши мумкин.