Ташиев МХДҚ ходимларига давлат идоралари ишига аралашишни тақиқлади

77

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев махсус хизмат ходимларини «қатъий огоҳлантириб»,  уларга давлат идораларига МХДҚ раҳбарларининг қариндошлари илтимосларини қондириш учун аралашишни тақиқлади. У бу ҳақда тегишли буйруқ чиқарди.

МХДҚ матбуот хизмати таъкидлашича, эндиликда махсус хизмат ходимларига нисбатан «интизомга қўйиладиган талаблар оширилди».

«Шахсий таркиб орасида махсус хизмат ходимларига хос бўлган юқори маънавий-ахлоқий руҳни таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кучайтирилган ишлар олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилди махсус хизмат.

Аввалроқ, етти нафар МХДҚ ходими Ташиевнинг қизига ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ёрдам бергани учун жазолангани маълум бўлган эди. Шунингдек, Ташиев давлат хизматида бўлган пайтда ходимларини қариндошлар ва танишлар таъсирига тушмасликка чақирган эди.