Парламент саноат компанияларини ўз ходимларини суғурталашга мажбурловчи қонун лойиҳасини маъқуллади

2

Жогорку Кенеш депутатлари 2 октябрда саноат компанияларини ўз ходимларини суғурталашга мажбурловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади.

Ушбу қонун лойиҳасини Иқтисодиёт вазирлиги ишлаб чиқди. Ҳужжатга кўра, хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланаётган компаниялар ўз ходимларини суғурталаши шарт. Бу каби объектларга ёнувчан, оксидланувчи, портловчи ва кучли заҳарли моддалар кирувчи объектлар киради. Агар бундай ташкилотлар ходимларни суғурталамаса, ташаббускорлар уларни 13 минг сомгача жаримага тортишни таклиф қилишмоқда.

Давлат молия назорати раҳбари ўринбосари Айнура Муртазалиеванинг таъкидлашича, иш берувчи ходимларини бир йилгача суғурталаши мумкин. Унга кўра, бир киши учун суғурта йилига ўртача 21 600 сом туради.

Ҳужжат муҳокамаси чоғида депутат Дастан Бекешев суғурта ҳозирда шунчаки бизнесга айланганини таъкидлади.

«Автомобил сотиб олишда ҳам сотувчи, ҳам харидор суғурта олади. Сотувчи бу суғуртани беш кунга олади — бунинг кераги нима, тушунарсиз. Иқтисодиёт вазирлиги бунга чек қўйиши керак. Ёки махсус суғурта компанияларини хурсанд қилиш учун шундай қилишяптими? [...] Халқни қийнаб қўйиш шартми? Биз ҳозир ишлаб чиқаришда ҳаёт ва соғлиқни суғурталаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқяпмиз. [...] Агар бу барча компанияларга тегишли бўлса, бу қўшимча солиқ бўлади», — деди у.

Бекешев қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга қайтаришни таклиф қилди. Унинг қўшимча қилишича, ушбу солиқ давлат бюджетига эмас, балки хусусий компанияларга тушади.

Уни ҳамкасби Улан Примов қўллаб-қувватлади. Бироқ қолган депутатлар бу таклифга қарши чиқиб, овоз беришга ўтишди. Қонун лойиҳаси учун 52 депутат, қарши 5 депутат овоз берди.