МХДҚ: Депутат Гулкан Молдобекованинг маслаҳатчиси товламачиликда гумонланиб қўлга олинди

148

12 сентябрда МХДҚ Жогорку Кенешнинг «Альянс» фракцияси депутати Гулкан Молдобекованинг маслаҳатчиси «фирибгарлик» ва «расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилда депутатнинг махсус хизматдаги ёрдамчиси ўзи ҳақида ёлғон маълумот ва қалбаки ҳужжат тақдим этиб, Жогорку Кенешда ноқонуний равишда ишлаган. Бундан ташқари, у иш ҳақи ва қўшимча тўловларни олиб юрган. Ҳозирда ғазнага етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

«Қолаверса, у  воситачи сифатида, турли масалаларни ҳал қилишда раҳбарият номини сотиб, алдов йўли билан фуқаролардан катта миқдорда пул олиб келган», - дейилади махсус хизмат хабарида.

Аввалроқ депутат Гулкан Молдобекованинг ишхонасида тинтув ўтказилгани, унинг ёрдамчилари эса хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олингани хабар қилинган эди. Молдобекова ўшанда Ўзбекистонда бўлганини, қўлга олинган иккинчи шахс эса стажёр бўлиб, ҳужжатга ёрдамчи сифатида имзо чекмаганини айтди.