Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида мамлакатнинг биринчи қочқин президенти Аскар Акаевнинг собиқ президент мақомини қайта олиш истаги бўйича фикрини билдирди. Аввалроқ маълум бўлишича, тегишли ариза Жогорку Кенешга келиб тушган.
Интервьюда Жапаров бу масала бўйича Акаев у билан маслаҳатлашмаганини айтди. У ўтган йилнинг февралида Дубайда Қирғизистоннинг собиқ президентлари учрашувида Акаевни кўрганини маълум қилди.
«Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки қонуний талабларини тиклаш учун давлат идораларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Буни бошқа биров билан муҳокама қилиш ёки менинг розилигимни олиш шарт эмас», — деди Жапаров.
Президентнинг қайд этишича, собиқ президент мақомини бериш ёки тиклаш масаласи Жогорку Кенешнинг юридик ваколатига киради ва фақат парламент ушбу мақомни бериш ёки олиш учун масъулдир.
«Мен аралашишим ёки ўз фикримни мажбурлашим мумкин эмас. Қўйинг, Жогорку Кенеш мустақил қарор қабул қилсин», — деди Жапаров.
Шу билан бирга, давлат раҳбари Аскар Акаевнинг вазиятини Курманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев билан солиштириш мумкин эмаслигини таъкидлади. Улар ҳам собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган.
«Аскар Акаевнинг даврида жиддий камчиликлар бўлган. Хатолар қилинган. Шу билан бирга, мамлакат мустақиллигининг шаклланиши даврида айрим ютуқларга ҳам эришилган. Биз буни ҳам ҳисобга олишимиз керак. Лекин Бакиев ва Атамбаев ишларида эса одамларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган воқеалар бор эди. Шунинг учун, агар парламент уларга собиқ президент мақомини берса, бу нотўғри бўлади, деб ўйлайман», — деди Жапаров ва бу унинг шахсий фикри эканини қайд этди.
Сўзининг охирида президент агар Акаевга собиқ президент мақоми қайта берилса, бу давлат бюджети учун катта харажатларга олиб келмаслигини айтди. Қонунга кўра, собиқ президентлар давлат томонидан умрбод дахлсизлик, давлат муҳофазаси, тиббий хизмат, давлат дачаси ва бошқа имтиёзлардан фойдаланадилар.
«Менинг фикримча, Аскар Акаев бу аризани собиқ президент сифатида тарихда номини қолдириш нияти билан топширган. Акаевга 80 ёш тўлди. Унинг нафақа, хавфсизлик ва бошқа имтиёзларга қизиққан деб ўйламайман. Ҳозир ҳам қўриқчиларсиз эркин юрибди-ку», — дея хулоса қилди президент.
Аскар Акаев — Қирғизистоннинг биринчи тахтдан ағдарилган президенти. У 2005 йилда инқилоб ва фуқароларнинг норозилиги туфайли мамлакатдан қочиб кетган. Унинг бошқаруви коррупция, ҳокимиятни ўзлаштириш ва Жалолобод вилоятининг Акси тумани Боспиек қишлоғидаги тинч митингда фуқароларга нисбатан қурол қўлланилиши билан эсда қолган.
Ҳозирда собиқ президент мақоми фақат Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбаевада мавжуд.