Инсон юзини танишга тўсқинлик қилувчи кийим кийиш учун жарима солиш таклиф қилинди

184

Қирғизистоннинг Дин ишлари бўйича давлат комиссияси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқди. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатга берилаётган изоҳда айтилишича, виждон эркинлиги билан боғлиқ айрим масалаларни давлат даражасида тартибга солиш зарур, жумладан, ёпиқ диний кийим кийиш ҳақида ҳам.

Хусусан, ташаббускорлар давлат муассасаларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган ва юзни ёпадиган кийимлар кийганлик учун жисмоний шахсларни 20 минг сом миқдорида жаримага тортишни таклиф қилмоқда. Фақатгина шахснинг хизмат фаолияти ёки тиббий кўрсатмаларга кўра кийилган кийимлар бундан мустасно бўлади.

Шунингдек, ташаббускорлар диний ғояларни тарғиб қилиш мақсадида турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва давлат муассасаларига бормоқчи бўлган шахслар учун жарималарни оширишни таклиф қилмоқда. Бу каби ҳуқуқбузарлик учун жисмоний шахсларга 5500 сом ўрнига 20 минг сом жарима солинади, юридик шахсларга эса 17 мингдан 65 минг сомгача жарима белгиланади.