«Ҳеч кимни тинглашга мажбурламаймиз». Президент россиялик санъаткорларнинг Мустақиллик кунида қатнашиши ҳақида фикрини билдирди

114

Президент Садир Жапаров «Кабар» нашрига берган интервьюсида Қирғизистон Мустақиллиги куни муносабати билан 31 август куни Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида бўлиб ўтадиган концертда россиялик хонандаларнинг иштирок этиши бўйича изоҳ берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, у маданият вазиридан санъаткорларнинг ўз ташаббуси билан қирғизистонликларни бепул қутлаш истагида эканлигини билганда  «жуда хурсанд бўлган».

«Илгари хорижликлар орасида Қирғизистон деган давлат қаерда жойлашганини билмайдиганлар кўп эди. Нега энди бугун мамлакатни қутлаш истагида бўлган санъаткорларни мамнунлик билан қарши олмаслигимиз керак?» — деди у.

Президентнинг фикрига кўра, россиялик санъаткорларнинг Мустақиллик кунида чиқиш қилиш масаласини ақли калта, узоқни кўра олмайдиган сиёсатчилар кўтариб, уларга зомбилар эргашмоқда».

«Эсингиздами, бир пайтлар Қирғизистонни ҳеч ким тан олмайди, ҳеч ким келмай қўяди, деганлар бўлган. Ҳозир нафақат билишади, балки биз билан ҳисоблашишади. Келаси йили дунё державалари президентларининг ташрифи кутилмоқда. Илгари, чиндан ҳам, ҳатто қўшни давлатлар ҳам бизни ўзига тенг кўрмас эди. Ҳозир, худога шукур. Шундай экан, анча-мунча бузиқиларга эътибор қилманглар. Ким хоҳламаса, эшитмасин, биз мажбурламаяпмиз», — деб хулоса қилди Жапаров.

Президент бу мавзуда ўз фикрини ижтимоий тармоқларда баъзи фойдаланувчиларнинг россиялик санъаткорларнинг Қирғизистон Мустақиллик кунидаги иштирокидан норозилик билдирганидан сўнг билдирди.

31 август куни Ала-Тоо майдонида россиялик хонандалар Стас Михайлов, Филипп Киркоров, Люся Чеботина, шунингдек, швед хонандаси Боссон ва италиялик хонанда ва бастакор Ин-Грид иштирок этади.

Бундан олдин Қирғизистон Президенти маъмурияти раҳбари Дайирбек Орунбеков ҳам россиялик санъаткорларнинг келишини изоҳлаган эди. Унинг айтишича, санъаткорлар бепул чиқиш қилади, уларнинг яшаш ва овқатланиш харажатларигина қопланади. Бундан олдин Маданият вазирлиги матбуот хизмати хорижлик хонандаларни таклиф қилиш харажатлари ҳомийлар томонидан қопланишини айтган эди. Лекин вазирлик ҳомийлар ким бўлишини ошкор қилмади.

Маданият вазири Алтинбек Максутов, ўз навбатида, фуқароларни ҳар бир йирик тадбирни сиёсатлаштиришни тўхтатишга чақирар экан, «кўпчилик бундан мамнун», деб таъкидлади ва «озчилик кўпчиликка бўйсуниши керак», деди.