Қозоғистон: Ўқувчилари синфдошини жинсий қулликда ушлаб турган мактаб ходимлари ишдан бўшатилди

77

Қозоғистоннинг Қизилўрдо вилояти губернатори Нурлибек Налибаев ўқувчилари 16 ёшли синфдошини жинсий қулликда ушлаб турган 7-сонли мактаб-лицей директори, тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, ижтимоий педагог ва синф раҳбарларини ишдан бўшатди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият матбуот хизмати хабар берди.

Ҳоким шунингдек шаҳар таълим бошқармаси бўлимининг раҳбарига танбеҳ эълон қилиш ҳамда тарбия ишлари бўйича масъул ходимини ишдан олиш топшириғини бергани маълум қилинди.

Вилоят раҳбари маҳаллий ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, вилоятдаги масъул милиция ходимлари, жумладан, уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш бошқармаси вакиллари ва вояга етмаганлар билан ишлаш инспекторини чора кўришга чақирди.

Шунингдек, вилоят болалар омбудсманı Жақсигул Тўғановага ишчи гуруҳ тузиб, вилоятдаги барча таълим муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш топширилди.

Ўтган ҳафтада жинсий зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «НеМолчиKZ» жамғармаси Қизилўрда вилоятида 16 ёшли қиз синфдошлари томонидан ярим йил давомида жинсий қулликда сақланганини хабар қилган эди. Жамғарма маълумотларига кўра, улар қизни «ота-онангни ўлдирамиз» деб қўрқитиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.