Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Лос-Анжелесда ўсмирлар томонидан қаттиқ калтакланган Шайлобек Базарбай ўғлининг ишини назоратга олганини маълум қилди.
Муассаса маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг Чикагодаги Бош консуллиги ҳужум тафсилотларини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда.
Воқеа 2 август куни юз берган. Базарбай ўғлининг сўзларига кўра, велосипедда кетаётган ўсмирлар унинг машинасини ўраб олиб, шаҳар кўчаларидан бирида унга бутилкалар улоқтирган. У ташқарига чиққач, 30 нафардан ортиқ ўсмир унга ҳужум қилиб, машинасидан буюмларини ўғирлаб кетишган.
Натижада Базарбай ўғлининг машинаси бузилиб, оёғи синган.
Америка нашрларининг хабар беришича, воқеага гувоҳ бўлган Жанет Гарсия исмли фуқаро оломон ўсмирлар орасига югуриб чиқиб, Қирғизистон фуқаросини тортиб олган.