Associated Press агентлиги хабарига кўра, Болгариянинг Бургас портида Қирғизистондан борган юк машинасидан 436 килограмм героин топилган. У автомобилнинг кабел ётқизилувчи темир конструкциясининг ичига яширилган. Уни олиб чиқариш учун конструкциянинг бир қисмини кесишга тўғри келган.
Топилган модда деярли 38 миллион долларга баҳоланмоқда. Юк аввал Қирғизистондан Грузияга, сўнгра Болгариянинг Бургас портига борган. Маршрутга кўра, машина ундан нари Грецияга кетиши керак бўлган.
Айрим Болгария оммавий ахборот воситалари юк Қозоғистонда рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар бермоқда.
Гиёҳвандлик воситаси машинага аниқ қаерда жойлаштирилгани ҳозирча маълум эмас.
Болгариянинг Наркотикларга қарши кураш хизмати раҳбари Иван Соколовнинг айтишича, юк машинаси портда узоқ вақт тўхтаб қолган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини тортган. Рентген текшируви вақтида яширинган героин топилган.
«Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмаган. Бу давлатлараро жиноятга алоқадор бирорта ҳам шахс топилмади», деди маҳаллий прокурор Георгий Чинев.