Собиқ депутат Салайдин Айдаров ҳибсга олинди

136

Собиқ депутат Салайдин Айдаров жиноий гуруҳни молиялаш гумони билан ҳибсга олиниб, Бишкекнинг Октябрь туман суди қарори билан 4 сентябрга қадар тергов изоляторига жўнатилди.

Аввалроқ тадбиркор Жалил Атамбаев ҳам худди шу модда билан ҳибсга олинган эди.

2018 йилда ижтимоий тармоқларда Атамбаев ва собиқ депутат Нургази Айдаров (Салайдин Айдаровнинг укаси) ўзбек тадбиркори, жиноий дунёда «Салимбойвачча»  номи билан танилган Салимбой Абувалиевни мақтаган видеоси эълон қилинган эди.

Кейинроқ интернетда Абдувалиевнинг Салайдин Айдаров, яна бир собиқ депутат Дамирбек Асилбек уулу ва «Аю» компанияси раҳбари Шаршенбек Абдикеримовлар билан тушган сурати пайдо бўлди.

Шундан сўнг Айдаров «Азаттиқ» радиосига Абдувалиев билан спорт масаласида учрашганини тасдиқлаган, аммо унинг жиноятга алоқаси йўқлигини айтган.

Кейинроқ Дамирбек Асилбек уулу уюшган жиноий гуруҳ аъзоси сифатида Қозоғистонда 10 йилга қамалган ва Қирғизистонга экстрадиция қилинганидан кейин қўйиб юборилган.

Шаршенбек Абдикеримов устидан суд қарори билан сиртдан иш кўриб чиқилиб, унинг иккита заводи давлат тасарруфига ўтказилди.

Ўтган ҳафтада МХДҚ Ўзбекистонда «Ноқонуний қурол сотиш» моддаси бўйича олти йилга қамалган Салимбай Абдувалиевга нисбатан қидирув эълон қилган. Аввалроқ президент Садир Жапаров собиқ депутат Эмил Жамғирчиев Абдувалиевга мурожаат қилиб, «икки дўст»ни йўқ қилишни сўраганини билдирган.